11-12 ноябрь кунлари «Ўзбекистон» спорт мажмуасида қўл жанги бўйича Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан пойтахтимизда матбуот анжумани ўтказилди. Унда мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси вакиллари, спортчи ва мураббийлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Анжуманда мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, Ватанимиз обрўсини, халқимиз ғурур-ифтихорини янада юксалтиришнинг муҳим омили бўлган спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси томонидан ташкил этилаётган нуфузли мусобақада қитъамизнинг ўндан зиёд давлатидан юздан ортиқ спортчи 16 вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Осиё чемпионатида мамлакатимиз шарафини Рамазон Темиров, Ҳусниддин Сатторов, Шаҳбоз Турсунов, Ғиёсиддин Жамолиддинов, Олим Нормуродов, Равшан Абдулазизов, Муҳиддин Мамажонов, Нозим Эминжонов, Жаҳонгир Жумаев, Алпомиш Қурбонназаров, Ҳасан Бозоров, Муртазобек Мамашокиров, Жамшид Раҳмоналиев, Элбек Эшмуродов, Ботир Хўжабеков, Салоҳиддин Иброҳимов, Илёс Раимов, Баҳром Маҳмудов каби спортчилар ҳимоя қилади.