Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон хотин-қизларининг “Олима” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган танлов илм-фан соҳасида меҳнат қилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий-ижодий фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган.
Тадбир Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва олий ўқув юртларида меҳнат қилаётган олима аёлларнинг илмий изланишлари, яратган методик қўлланмалари, китоблари, ишланма ва лойиҳалари кўргазмаси билан бошланди.
– Танловнинг дастлабки босқичида илм-фан билан шуғулланаётган 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган 12 аёл иштирок этган эди, – дейди “Олима” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Тамара Ўсербоева. – Улар орасидан ғолибликка эришган 5 нафари танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ўз илмий ишлари, ишланма ва лойиҳаларини тақдим этди.
Гулнора Алламбергенова ёш бўлишига қарамай, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг “Агрономия” бўлимида талабаларга дарс бериш баробарида илмий иш билан машғул. У фойдали жонзотларни лаборатория усулида кўпайтириш орқали қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашиш ва экологик тоза маҳсулотлар етиштириш устида илмий изланиш олиб бормоқда.
Танловга тақдим этилган ҳар бир илмий маъруза атрофлича ўрганилиб, ҳайъат аъзолари томонидан муносиб баҳоланди.
“Ўрта махсус таълим тизимида физика фанини ўқитиш методикаси” мавзусидаги илмий иши билан қатнашган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Физика фанини ўқитиш методикаси кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди Гулжаҳон Қарлибоева ғолиб бўлди. У танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.