Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори Байрам Отемуратов ўзи таҳсил олган Қораўзак туманидаги 18-сон умумтаълим мактаби кутубхонасига, шунингдек, ўқувчиларига 100 дан зиёд бадиий ва илмий адабиётлардан иборат китобларни ҳамда спорт инвентарларини совға қилди.
Учрашувда институт ректори ўқувчилар билан китоб ўқишнинг аҳамияти ва китобхонлик бўйича суҳбатлашди. Шу билан бирга, ўзи яхши кўриб ўқийдиган қорақалпоқ, ўзбек ва чет эл адабиёти дурдоналарини ўқишни тавсия қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 19 март куни ёшлар масалаларига оид видеоселектор йиғилишида таъкидлаб ўтканидек, ҳар қандай раҳбарлик лавозимида фаолият юритаётганлар ёки жамоат фаоллари ўзлари таҳсил олган мактаблар ва таълим муассасаларига китоблар совға қилиши намунавий ишлардан биридир.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.