Мамлакатимизда боғ ва иссиқхоналар кўпайтирилади

Президентимиз Бухоро туманидаги “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 10 июлдаги “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган замонавий иссиқхоналарни ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни шакллантириш, Бухоро вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Эркин иқтисодий зона замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб этиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг уруғдан тортиб маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган барча жараёнини йўлга қўйиш ҳамда рағбатлантиришнинг самарали механизмларини жорий қилиши билан дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги илғор тажрибани ўзида ифода этади.

Бугунги кунда эркин иқтисодий зона учун 3 минг гектар ер майдони ажратилган. 2019 йилда 598 гектар ер майдонига 314,7 миллион долларлик 98 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Замонавий энергия тежамкор иссиқхоналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ҳамда қадоқлаш учун экологик тоза қутилар ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилса, 4 минг 300 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Россия, Қозоғистон ва МДҲ давлатларига 64 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.
Шу ернинг ўзида “Agro Trade” МЧЖ мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш, “Бухоро Вернет” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси, “Banoaz Textil”, “Rus Trade” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан иссиқхона барпо этиш лойиҳалари тақдимотлари ҳам ўтказилди.

Хусусан, “Бухоро Варнет” хорижий корхонаси томонидан ҳудудда 115 гектар майдонда 98 миллион доллар маблағ эвазига замонавий иссиқхона қуриш режалаштирилган. Бир гектар ер майдонида 300 тоннадан 560 тоннагача помидор етиштирилади, 2 мингга яқин иш ўрни яратилади. Жорий йилда 30 гектар майдонда иссиқхона қуриш кўзда тутилган. Бу борадаги ишлар бошлаб юборилган.

Туркия давлатидан иссиқхона учун ускуналар келтирилмоқда. Қурилиш ишлари тугагач 250 иш ўрни яратилади.

Корхона 2019-2021 йиллар давомида босиқма-босқич ишга туширилади.

Тадбиркорлар – Ўзбекистоннинг асоси. Ҳаракат қилган барака топади. Тадбиркорлик ривожланса, кўплаб одам ишли бўлади, даромад олади, деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда боғ ва иссиқхоналарни кўпайтириш, сифатли мева-сабзавотлар етиштириш, уларни экспорт қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

 

Умар Асроров, ЎзА