Владимир Путин Қирғизистонга келди

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бугун, 28 март куни давлат ташрифи билан Қирғизистон Республикасига келди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Ташриф доирасида Россия раҳбари Бишкекда Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков билан музокара ўтказади. Шундан сўнг Президентлар Россия – Қирғизистон ҳудудлараро конференциясида иштирок этади ва ёзувчи Чингиз Айтматовнинг уй-музейига ташриф буюради.
“Музокаралар чоғида давлат раҳбарлари Россия – Қирғизистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама этадилар, – деб хабар берди Кремл матбуот хизмати. – Шунингдек, минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари, жумладан, жорий йилда Қирғизистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига раислиги юзасидан фикр алмашилади.”
Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ҳамкорликка оид ҳукуматлараро, идоралараро, ҳудудлараро ва тижорат ҳужжатлари имзоланиши кутилмоқда.

 

ЎзА