Баҳорда мева-сабзавотларни куз фаслига қараганда анча кам истеъмол қилганимиз боис чарчоқ ҳис қиламиз. Шунга қармай баҳорда дорихоналарга боришга шошилмай турганингиз маъқул.
Косметолог Шоҳиста Қодирова бу масалада шундай маслаҳат бермоқда.
– Ундирилган донли ва дуккакли ўсимликлар таркибида калий, калций, кремний, хром, селен, мис, рух, темир, йод, B5, E, C, D, P витаминлари ва фолий кислота кўп миқдорда мавжуд бўлади. 3 миллиметр узунликда ундирилган оқиш рангдаги буғдой майсасининг шарбатидан ярим-бир стакандан ҳар куни наҳорда оч қоринга бир ой давомида истеъмол қилиш организмни ортиқча ва зарарли хилтлардан тозалайди.
Шунингдек, буғдой ширасидан тайёрланган ниқоб ҳам юзга фойдали. Ундаги Е витамини гўзаллик манбаи бўлиб, тери остида муҳим ва керакли тўқималарни пайдо бўлишига ёрдам беради. Ажинларни кетказиб, юзни оқартиради. Бу витамин биз кундалик фойдаланадиган кўплаб кремлар таркибида ҳам учрайди.
Бу ниқоб терини оқартириш имконига ҳам эга. Бунда С витамини юздаги сепкиллар ва доғларни кетказади. Агарда А витамин етишмаса баҳорги об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари оқибатида юз териси қуриб, дағал ҳолга келади.
Буғдой ширасидан тайёрланган ниқоб юзда 15 дақиқа туради. Сўнгра илиқ сувда ювиб ташланади. Ҳар ҳафтада икки марта фойдаланиш тавсия этилади.
ЎзА