Қирғизистонда енгил ҳазм бўлувчи инновацион ёғ яратилди. “Кабар”нинг ёзишича, бу ҳақда мамлакатнинг ”Миллат саломатлиги” миллий дастури директори Дмитрий Еделев сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат масалалари бўйича ташкил этилган анжуманда маълум қилган.
Дмитрий Еделевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ёғни тозалаш жараёнида юзага келувчи глицидил ва унинг эфирини тақиқлаш бўйича ташаббус кўрсатади.
“Глицидил – бу жуда жиддий канцероген бўлиб, у Европа ва АҚШда тақиқланган. Бироқ, Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳудудида унга рухсат берилган. Қирғизистон глицидилга тақиқ қўйишда биринчилардан бўлиб ташаббус кўрсатади. Агар биз рациондан глицидилни олиб ташласак, саратонга чалиниш хавфини 37 фоизга қисқартирган бўламиз”, деган у.
Дмитрий Еделевнинг қўшимча қилишича, ЕОИИ миқёсида илк бор Қирғизистонда енгил ҳазм бўлувчи, канцерогенлардан ҳоли ёғ ишлаб чиқарилган бўлиб, у умрни узайтириш, юрак, қон-томир тизими фаолиятини яхшилаш ва холестерин миқдорини камайтириш хусусиятига эга. Инновацион технологиялар асосида яратилган янги маҳсулот келгусида Россия бозорига экспорт қилиниши мумкин.
ЎзА