Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида «MICROSOFT» компаниясининг МДҲдаги минтақавий офиси раҳбари Рональд Бинкофски бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан жаҳоннинг етакчи инновацион техник қарорлар ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчилари ҳисобланган бир қатор компаниялар билан келишув ва меморандумлар имзоланган. «IBM», «Cisco», «Google» ва «Microsoft» каби йирик компаниялар билан яқин ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Бу Ўзбекистонда ахборот- коммуникация технологияларини янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларига илғор технологияларни жорий этишга хизмат қилади, маҳаллий ва хорижлик мутахассислар ўртасида тажриба ва ғоялар алмашиш учун янги имкониятлар тақдим этади.

Учрашувда томонлар қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, давлат бошқаруви соҳасига булутли технологияларни жорий қилиш, яқин истиқболда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун энг янги дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, талабалар ва аҳолини «Microsoft» компанияси маҳсулот ва сервисларидан фойдаланишга ўқитиш ишларини ташкил қилиш масалалари хусусида келишиб олинди. «Microsoft Imagine Academy» таълим ресурси дастурий таъминот соҳасидаги инновацион ишланмалар, энг оммабоп операцион тизим ва офис дастурлари архитектурасини ўрганишга имкон яратади. Бундан ташқари, жаҳоннинг минглаб ўқитувчиларини бирлаштирган «инновацион педагоглар» махсус ҳамжамияти имкониятлари тақдим этилди. Машғулотлар чоғида ўқув жараёни талабалар учун янада қизиқарли ва мазмунли ўтиши учун АКТнинг барча имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланишга ҳаракат қилинди. Айни пайтда «инновацион педагоглар» махсус ҳамжамияти аъзолари орасида ўзбекистонлик ўқитувчилар ҳам бор.

Делегация ташрифи доирасида бўлиб ўтган семинарда «Microsoft» экспертлари компаниянинг «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантиришга доир ишланмалари ҳақида сўзлаб берди.

 

Роман Бондарчук, ЎзА