Қозоғистонда 45 киши табиий газдан заҳарланган, уларнинг 41 нафари ўқувчилар.
Бу ҳақда Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик саломатлиги муҳофазаси қўмитаси раҳбари Жандарбек Бекшин бугун, 19 март куни маълум қилган.
РИА Новости Жандарбек Бекшин баёнотидан иқтибос келтиради. Унда айтилишича, кеча, 18 март куни маҳаллий вақт билан 16.40 да Чимкент шаҳар касалхонасига заҳарланиш аломатлари билан ўқувчилар етказилади. Болаларда бош айланиши, кўнгил айниши ва қисқа муддатли беҳушлик белгилари бўлган. Уларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Муолажадан сўнг беморларга уйга жавоб берилган.
Маълум бўлишича, ушбу ҳодисага мактабдан 600 метр нарида жойлашган газ тақсимлаш станциясидан метан сизиб чиқиши сабаб бўлган.
ЎзА