Театрга охирги марта қачон тушдингиз? Тан олиш керак, кўпчилигимиз ойда бир бўлса ҳам театр остонасини ҳатлаб ўтмаймиз. Кимнингдир вақти йўқ, яна кимнингдир “ортиқча пули”. Ҳатто театр биноси ёнидан ҳар кун ўтиб қайтиб, бирор марта спектакль кўрмаганлар ҳам бор десам ишонаверинг. Чунки бир танишим буни гўёки мақтангандек айтиб берганди.
Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Театр бу ибратхонадир”, деб бежиз таъкидламаган. Чунки театр инсонлар онги ва қалбига бевосита кучли таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Бугунги кунда республикамиздаги барча театрларда томошабинларга сабоқ бўладиган, эстетик завқ ва маънавий озуқа берадиган саҳна асарлари намойиш этилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида биринчи марта мамлакатимиздаги барча театрларда 21-27 март кунлари “Театр томошалари ҳафталиги” ўтказилади.
Ҳафталик доирасида барча театрларда театр либослари ва декорациялари, китоблар кўргазмаси ҳамда ижодкорлар билан учрашувлар бўлиб ўтади.
Дарвоқе, 21-27 март кунлари театр томошалари бепул намойиш этилади.
Хуршид Қодиров, ЎзА