Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган манзилли дастурга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида кам таъминланган 112 оилани янги уй-жой билан таъминлаш, 560 оиланинг уй-жойини таъмирлаш, 192 оилага тиббий хизмат кўрсатиш, 3 минг 444 оилани электр-маиший техника воситалари билан таъминлаш белгиланган. Ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан 18 миллиард 204 миллион сўмдан ортиқ маблағ Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида очилган махсус ҳисоб рақамига туширилган.
– Президентимизнинг биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга қаратаётган эътиборидан ниҳоятда хурсандмиз, – дейди II гуруҳ ногирони Дурдигул Нуриева. – 17 йилдан буён қариндошларим уйида яшаб келаётган эдим. Мана, бугун ўз уйимга эга бўлдим. Бунинг қандай бахт эканини мен каби бошидан ўтказганларгина билади.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда. Манзилли дастурга кўра, уй-жойини таъмирлашга муҳтож бўлган 560 оиладан 504тасининг уй-жойида тўлиқ таъмирлаш ишлари тугатилган, қолганларида давом эттирилаётир. Ушбу мақсадларга 5 миллиард 240 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги “Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистонда 487 оилага 3 миллиард 93 миллион 300 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит берилган.
Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.