Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов бошчилигидаги мамлакатимиз идоралараро делегацияси маъмурий тартиб-таомиллар, Токио ва Нагоя маъмурий судлов тизими бўйича ташкил этилган қўшма тадбирларда иштирок этиш учун Японияда бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Японияда ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиёти, маъмурий тартиб-таомилларга оид қонунчиликни ўрганиш, бу борада Ўзбекистон қонунчилиги ҳақида маълумот бериш, шунингдек, ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган ва таълим олаётган ватандошлар билан мулоқот қилиш, ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Мамлакатимиз делегацияси 11-16 март кунлари Япония парламенти, Ташқи ишлар ва Адлия вазирликларида учрашувлар ўтказади. Унда маъмурий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризация қилиш, ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига изоҳлар ва қиёсий шарҳлар тайёрлар каби масалалар муҳокама қилинади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов ушбу мамлакатдаги юртдошлар билан учрашувлар ўтказади.
Қайд этиш жоиз, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида хориждаги фуқаролар, юртдошларимиз, нодавлат нотижорат ташкилотларни кўнгилли асосда бирлаштиришни мақсад қилган.
Бугунги кунда чет элдаги кўплаб юртдошларимиз Ўзбекистоннинг иқтисодий, туристик салоҳияти ва нуфузини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича ўз ғоя ва ташаббусларини таклиф этмоқда. Япониядаги ватандошлар ҳам бундан мустасно эмас. Хусусан, япониялик ватандошлар турли миллий байрамлар ва тадбирлар ўтказиш, она тилимиз ва тарихимизни ўрганиш мақсадида Маданият ва маърифат марказини очиш ғоясини илгари сурмоқда.
Шунингдек, бу каби марказлар Ўзбекистонда ўз бизнесини ташкил этиш истагида бўлган кунчиқар мамлакат тадбиркорлари учун зарур маълумотларни тақдим этишлари мумкин. Бу каби масалалар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси А.Бурҳоновнинг ватандошлар билан учрашуви чоғида атрофлича муҳокама қилинади.
ЎзА