Америкаликларни қандай қилиб ҳайратга солиш мумкин?

Қорақалпоғистонлик фаол аёллардан бири Айзада Нуримбетова асли мутахассислиги тарихчи бўлса ҳам кенг жамоатчиликка ҳунарманд, ташаббускор жамоат арбоби ва меҳрибон она сифатида танилган. Яқинда АҚШ сафаридан қайтган Айзада опа мўъжизавий мамлакатдаги баъзи таассуротларини ЎзА мухбири билан ўртоқлашди.
Албатта, Америкага бориб қайтиш янгилик эмас. Умуман, ҳозирги Ўзбекистон учун хорижий давлатларга хоҳ иш билан, хоҳ сайёҳлик мақсадида бўлсин, фуқароларнинг бориб қайтиши умуман янгилик бўлмай қолди. Агар бундан 15-20 йил аввал бўлганда, ҳақиқатдан ҳам хорижга бориб қайтиш ажабтовур ишдек кўринарди. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда қанчалик очилаётгани ва ривожланаётганини билдиради.
Хўш, Айзада Нуримбетова АҚШда қандай таассуротларга эга бўлди ва у қандай қилиб америкаликларни ҳайратга солди? Қуйида шу ҳақида қисқача келтирамиз.
photo5190599287707380356.jpg
– Бу менинг АҚШга навбатдаги шахсий ташрифим эди. Вашингтонда синглим яшайди. Уммон ортига ушбу сафаримда 3 ой қолиб кетдим. Келганимга 4 кун бўляпти. Ҳамон кун билан туннинг ўрни алмашганига ўргана олмаяпман, – дейди Айзада Нуримбетова хушчақчақлик билан. – Лекин 3 ой менга 3 асрдек туюлди, рости. Юртим, жонажон Ватанимни жуда соғиндим. Тўғри, Америка ажойиботлар эли. Ҳар куни турли воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўласан.
Бўш вақтларимда асосан музейларга саёҳат қилдим. Музейларнинг фаолиятини атрофлича ўрганишга ҳаракат қилдим. Америка музейларига кириш ва томоша қилиш текин. Бемалол расмларга ола берасиз. Америкаликлар келган меҳмонга ресурс, бойлик сифатида қарайди ва жуда ҳурмат қилади. Музейларда ходимларнинг (биздан фарқли ўлароқ, АҚШ музейларида экскурсоводларнинг аксарияти эркаклар) хушмуомалалиги таҳсинга сазовор.
Америкаликларнинг ватанпарварлик ҳисси шу қадар баландки, ташкилотлардан ташқари деярли ҳар бир уйнинг сиртида давлат байроғи ҳилпираб турганини кўриш мумкин…
photo5190599287707380357.jpg
“Ижодкорлар оиласида туғилганман, шунинг учун санъатга қизиқаман. Кўпроқ музейларга боргим келади. Дадам театрда рассом бўлган ва шу боис мен кичкина вақтимдан рангларнинг фарқини ўрганганман. Рангларни сезиш хислатим мени дизайнер бўлишга сабабчи бўлди. Қачон рангларни сезар экансан, шунда сендан яхши дизайн, яхши композиция чиқади.
Кўпчилик хорижий меҳмонлар Қорақалпоғистонга келганда: Нима учун сизлар ёрқин рангдаги кийимларни киясиз, деб сўрайди. Қорақалпоқларда азалдан кийим кийишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Масалан, қизлар ёрқин қизил, ўрта ёшдаги аёллар тўқ қизил, ёши улуғлар эса оқ рангли кийимларни кийган. Бу ранглар табиатнинг ўзидан олинган, яъни табиий ўсимликлардан олинган. Ипак матолар шу бўёқлар билан бўялган.
Аждодларимиз саҳронинг қоқ марказида ўтириб, табиатнинг ўзидан намуна олиб, дизайн чиқарган. Ҳозирда шу аждодларимизнинг қолдириб кетган меросларини тарғиб қилмоқдамиз.
Яқинда АҚШда текстиль музейига қорақалпоқча миллий кийимларимни кийиб ва ўзим билан бошқа каштачилик маҳсулотларини ҳам олиб боргандим. Музейдагилар эътибори менга қаратди. Буни ўзим дарҳол сездим. Музей ходимлари ҳам олдимга келиб кийимларимни томоша қилиб, сўрай бошлади. Тушунтириб бердим. Бир зумда музейдагилар ҳам, саёҳатчилар ҳам мени ўраб олди.
“Бу кийимлардаги нақшлар минг-минг йиллик аждодларимиздан қолган мерос. Мана бу қўчқор мугуз, мана буниси қумурсқа бел, буниси эса сичқон изи, қурбақа, ит товон, туя товон, чаёндум, ўрик гули нақшлари ва ҳоказо. Буларнинг барчасини олис аждодларимиз атрофида нимаики нарсани кўрган бўлса, шунга қараб нақш чизган. Шу нақшларга қараб уни кийиб юрган кишининг ким эканлигини аниқлаш мумкин бўлган. Қорақалпоқларда қизлар турмушга чиққандан кейин изидан мол-дунё олиб бориш дастури бор. Яъни, янги хўжаликка керакли анжомлар, ёш келинчакка кийим-кечаклар, дегандек.
Шу мол-дунё билан келган кийимларга қараб қизнинг асли қандай оиладан чиққанлигини билган. Масалан, қўчқор мугузли нақши кўпроқ туширилса, демак, қўйи кўп чўпоннинг қизи, ўсимлик нақши туширилгани эса деҳқоннинг қизи, тўлқин нақшли кийим бўлса, демак у денгиз балиқчисининг қизи ва ҳоказо” деб тушунтирган эдим, ишонасизми, биттаси йиғлаб юборди.
“Нима бўлди, сизга? Хафа қилиб қўйгандай бир нарса айтиб қўйдимми?” деб сўрасам: “Қандай бахтли халқсиз? Минг-минг йиллик тарихингиз бор, урф-одат, дастурингиз бор, мана шундай нақшу, кийимларингиз бор. Бизда эса ана шулар йўқ” деса бўладими.
Кейин яна биттаси келиб, Ўзбекистон ҳақида, Қорақалпоғистон ҳақида сўраб кетди. Инвестиция киритсак бўладими, деб сўрашди бириси. Хуллас, уларнинг юртимиз ҳақидаги қизиқиши шундай ортиб кетдики, шу ернинг ўзида Ўзбекистонга ташриф тўғрисида қизғин муҳокама бошланиб кетди.
Шу пайт жуда яхши англадим-ки, энг олий бойлигимиз – бу бизнинг маънавий, маданий меросларимиз экан.
Ҳа, айтганча, америкаликларни ҳайратга солиш осон эмас. Сабаби улар жуда кўп ахборотга эга халқ. Технология десанг, энг замонавий технологиялар АҚШдан чиқади. Илм-фан десангиз, энг кўп Нобель мукофотини олганлар ҳам шу юртдан. Замонавий маданият, санъат десангиз у бўйича ҳам АҚШ дунёда биринчи ўринда ва ҳоказо. Хуллас, уларни бирон нарса билан ҳайрон қолдириш жуда қийин. Лекин, америкаликлар (ҳиндулардан бошқа) асли келгиндилар бўлганлиги боис, улар учун тарих жуда муҳим. Бизларнинг илдизи теран тарихимиз, урф-одат, дастурларимизгина уларни ҳайратга солишга қодир. Бунга мен АҚШ сафаримда бир неча бор гувоҳ бўлдим”.

 

Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА