Нукусда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари ҳокимликлари, вазирлик ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш бўйича мутасаддилари иштирок этди.
Жамғарма томонидан эълон қилинган олий таълим муассасалари педагог кадрларининг малакасини хорижда ошириш, стажировка ўташ, докторантура ва магистратурада ўқитиш дастурлари бўйича биринчи стипендия танлови ўтказилди. Айни пайтда Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан ушбу танлов ғолиблари саралаб олинмоқда.
Иккинчи стипендия танлови ҳам эълон қилинди. Бунда “Фан ва илмий-тадқиқотлар”, “Соғлиқни сақлаш”, “Давлат бошқаруви” ва “Иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари” соҳалари бўйича республика бўйича жорий йилнинг 20 февралидан 20 мартига қадар ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Муҳими, иккинчи стипендия танловида иштирок этувчилар аризаларини онлайн тарзда топшириш имконияти яратилди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси “Истеъдод” жамғармасининг ҳуқуқий вориси саналади. Янги жамғармада квоталар аввалгиларга қараганда бир неча баробар оширилган. Тақдимотда ҳозир жамғарма ҳисоб рақамида етарли миқдорда маблағ борлиги, жамғармага кадрларнинг ичидан энг яхшиларини танлаб, хорижда ўқитиш вазифаси қўйилганлиги таъкидланди. Лекин бир муаммо – яхши мутахассисларнинг чет тилларини билмаслиги ҳам қайд этилди.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, ёш кадрларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштиришига кўмак бериш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан 22 та олий ўқув юртларида марказлар ташкил этяпти.
Шу марказларнинг иккитаси Нукусда – Қорақалпоқ давлат университети ва Нукус давлат педагогика институтида ташкил этилган. Апрель ойидан бошлаб ушбу марказларда ўқув жараёни бошланади. Жамғарма ушбу марказларга илғор хорижий давлатлардан малакали педагогларни жалб этиб, маҳаллий университетларга ёрдам беради.
Есимхон Қаноатов, ЎзА