Жорий йилнинг 23-26 март кунлари Самарқанд шаҳрида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Илм-фан – келажак пойдевори” шиори остида “Қизларжон” ўқувчи-қизлар саммити бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ҳамкорликдаги лойиҳаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокидаги муҳокамалар, турли вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарлари билан очиқ мулоқотлар, раҳбар аёлларнинг фаолияти бўйича амалиёт дастури ва қизларнинг ўз илм-фан ривожи йўлидаги таклифлари бўйича баҳс ўтказилиши кўзда тутилган.
Саммитда мамлакатимиз бўйлаб 14-18 ёшдаги 8-11-синф ўқувчи-қизлари, ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан иштирокчи қатнашиши кўзда тутилган. Мазкур тадбирда иштирок этувчи қизларни саралашда уларнинг ижтимоий жараёнлардаги фаоллиги, Ватанимиз тарихи ва бугуни ҳақида хабардорлиги, хорижий тилларни билиши, лидерлик кўникмалари шаклланганлиги, танқидий-таҳлилий тафаккурининг ривожланганлиги каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилади.
Ўқувчи-қизлар билим-кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган турли маҳорат дарслари, тадбирлар ва ўқув-маърифий клубларини ташкил этиш, замонавий АКТ имкониятлари ва уларни ҳаётга татбиқ этиш усуллари, инновацион менежмент, маркетинг орқали инвестицияларни жалб этиш каби мавзулардаги тренингларда иштирок этади.
Н.Усмонова, ЎзА