Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин мамлакатларимиз ўртасидаги қўп қиррали ҳамкорлик ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Президент Шавкат Мирзиёев билан мамлакатларимиз ҳамкорлигининг барча йўналишлари – савдо, инвестиция, замонавий технологиялар алмашиш, қишлоқ хўжалиги, гуманитар соҳалардаги алоқаларни батафсил муҳокама қилдик. Бу борада қўйилган қадамлар Ўзбекистонда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришни назарда тутади.
Мамлакатларимиз ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланаётгани рақамларда ҳам сезилмоқда: товар айланмаси ҳажми ортмоқда, Ўзбекистонга янгидан-янги сармоядор компаниялар кириб келмоқда. Давлатингиз раҳбари янада фаол ишлашимиз кераклигини таъкидлади, чунки ҳал этилиши лозим бўлган масалалар талайгина.
Биз ҳар ойда видеоконференциялар ўтказяпмиз, уларда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Россия бозорига олиб кириш, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси каби масалалар муҳокама қилинмоқда. Бу чора-тадбирлар бизнесни жадал ривожлантиришда давлат иштирокини фаоллаштириш, иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш учун муҳим. Эришилган натижалар билан тўхтаб қолмай, олға ҳаракат қилишимиз зарур.
Бугун Ўзбекистон тубдан ўзгараётганига гувоҳ бўляпмиз. Россия ҳам шундай мураккаб даврдан ўтган. Ўзбекистоннинг юксак салоҳияти унинг яқин келажакдаги барқарор иқтисодий имкониятларини кўрсатмоқда. Зеро, мамлакатингизда нафақат бугун, балки келажак учун ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда.
М.Элмуродов, ЎзА