Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ватан ҳимоячилари барча оналар, опа-сингилларни ўзгача табрикламоқда.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳамда вилоят Мудофаа тизимида ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ йигитлар Урганч давлат университетининг тарих факултетида бўлдилар.
Олий таълим муассасасида ҳар кунгидек одатий равишда таълим жараёнлари бошланди. Аммо сал ўтгач университет ҳудудига ҳарбий машина тўсатдан кириб келди. Унинг ичидан эса қўлида гул тутган ҳарбийлар бирин кетин туша бошлади. Улар таълим даргоҳида таълим бераётган ва таҳсил олаётган хотин-қизларни табриклаб, хурсанд қилишди.
– Талаба қизларни, ўқитувчи аёлларни кўриб, худди ўзимни опа-сингилларим қошига келгандай бўлдим, – дейди шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи Акбар Абдураҳмонов. – Улар келгусида мамлакатимиз ва жамиятимиз равнағига, албатта, ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадилар. Биз эса уларнинг тинчлигини таъминлаймиз.
Ватан ҳимоячиларининг кўрсатган ушбу эҳтиромидан хурсанд бўлган аёллар яна ўз хизмат вазифасини бажаришга йўл олган йигитларни олқишлар билан кузатиб қўйишди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА