Нукусда Президент мактаби қурилиши бошланди

Нукус шаҳрида жорий йилнинг сентябрь ойидан ўз фаолиятини бошлаши кутилаётган Президент мактабининг қурилиш ишлари бошланди. 
Муассасага тамал тоши қўйиш муносабати билан тадбир ташкил этилган тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ва бошқалар мамлакатимизда эртамиз эгаларининг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида зарур шароитларни яратиш борасида қилинаётган ишлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
– Давлатимиз Раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири А. Аяпов. – Президент мактабининг янги иморати учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига тегишли ҳудуддан ер майдони ажратилди. Қурилиш ишлари жорий йилнинг август ойи охирига қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган. Сентябрь ойидан ўқув йили бошланади. Унга 5-10 синфлар учун ҳар бир синфга 24 нафар ўқувчидан жами 144 ўқувчи қабул қилинади. Ҳар бир синфга қабул қилинган ўқувчилар 12 нафардан иккита синфга тақсимланади.
Ушбу таълим муассасасининг асосий мақсади мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига керакли шароитлар яратишдир. Энг қобилиятли ўқувчилар танлаб олинадиган бу мактабда ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади.
Шу билан бирга, мактабга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этилади. Уларнинг фаолияти учун керакли шарт-шароитлар яратилади. Хорижий мутахассислар умумий педагогларнинг 60-80 фоизини ташкил қилади.
Мактаб битирувчилари келажакда мамлакатимиз ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшади.
Президент мактабининг тамал тошини қуйиш тадбирига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов иштирок этди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА