Ўзбекистон ва Люксембург авиация соҳасида ҳамкорлик қилади​

Люксембург Буюк Герцоглиги ташқи ва Европа ишлари вазири Ж.Ассельборн бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамов меҳмонларни қутлар экан, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Марказий Осиё минтақасида транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш борасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ҳақида сўзлаб берди. Вазирлик фаолияти, таркибий тузилмаси, мақсад ва вазифалари билан таништирди.
Мулоқот чоғида транспорт-логистика, транзит соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Люксембург манфаатларига бирдек хизмат қилиши таъкидланди.
Қайд этиш жоиз, бугунги кунга қадар Ўзбекистон билан Люксембург ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилмаган. 2018 йилнинг сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида икки мамлакат авиация маъмуриятлари “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази орқали тижорий қатновларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Музокаралар якуни бўйича ушбу соҳадаги ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишилди.
Транспорт вазирлигида Люксембург делегацияси билан ташкил этилган учрашув чоғида икки давлат авиация маъмуриятлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисида протокол имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ҳужжат мамлакатларимиз ўртасида юк, йўловчи ташиш ва чартер рейсларини амалга оширишни ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилади. Люксембургнинг «Cargolux» авиакомпанияси учун 2020 йилдан Осиё мамлакатларига юк ташишдаги транзитларни “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази орқали амалга ошириш имкониятларини яратади.

 

Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА мухбири