Айрим ОАВлар суицид даражаси ошишига ҳисса қўшмаяптими?

ШАХСИЙ ФИКР.​
Эътибор қиладиган бўлсак, охирги вақтларда интернет сайтларида ўз-ўзини ўлдириш ҳолатлари тез-тез ёритилмоқда. Бу қанчалик тўғри? 
Замонавий жамиятда оммавий ахборот воситалари катта аҳамият ва таъсирга эга эканлигини инкор эта олмаймиз. Улар инсонларнинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатлари ва улар ўртасидаги муносабатларга катта таъсир кўрсатади. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши, акс таъсир кўрсатиб, ўз-ўзини ўлдириш ҳолатлари ошишига олиб келиши мумкин.
Бу ҳолат “Вертер эффекти” деб номланади. Бу тушунча Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асари қаҳрамони Вертер номидан келиб чиққан. Бу асар нашр этилгач, (1774 йил) оммавий ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига сабаб бўлади.
Ҳозирда айрим ОАВлар эса ”пашшадан фил ясаб”, шов-шув кўтаришга уринишмоқда. Нима эмиш, “2” баҳо олганидан тушкунликка тушган ўқувчи ўз жонига қасд қилган эмиш. Бундай хабарларнинг мунтазам берилиши қолган ўқувчилар руҳиятига таъсир қилмай қолмайди. Уларда ўз жонига қасд қилиш муаммоларнинг ягона ечими деган нотўғри тасаввур уйғонишига сабабчи бўлади.
Ўз жонига қасд қилиш – даҳшат! Бундай оғир воқеанинг биттаси бутун жамиятни қалқитиши керак. Унинг олдини олиш шу жамиятдаги ҳар бир фуқаронинг виждон ишига айланмоғи шарт!
Ушбу оғриқли муаммони оммавий ахборот воситаларида ёритилмасин, демоқчи эмасман. Аммо ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини ёритишда қуйидаги айрим жиҳатларга эътибор қилинса, нур устига нур бўларди.
Ўз жонига қасд қилиш усул ва воситаларини, сабабларини ёритмаслик лозим. Афсуски, амалда бунинг аксини кўряпмиз. Битирув кечасига боролмаган қиз ўзини осгани ёки икки севишган ўзини поезд остига ташлагани…
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин бу секин-секин инсон онгига таъсир қилиб, вақт ўтиши билан салбий ҳодиса содир бўлади. Ана, шунча одам ўзини осмоқда ёки ўзига ўт қўймоқда экан, мен қилсам, нима бўлибди, деган фикр пайдо бўлмайдими?
Имкон борича, ўз жонига қасд қилиш ҳақида қисқа хабарлар бўлиши керак. Ҳодиса ҳақида умумий маълумот билан чегараланиб, ўз жонига қасд қилиш тафсилотларини (суицидентнинг ёшини, яшаш жойини, иш жойи, ўқишини, касбини) тушунтиришдан қочиш лозим. Бу, айниқса, ўсмирлар ва ёшларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини ёритишда жуда муҳим.
Воқеаларга иложи борича қўшимча драматик тус бермаслик лозим. Яъни суицидентнинг қариндошлари, дўстлари ёки синфдошларидан интервью олмаслик керак.
Бу ҳолат потенциал суицидентларда, ўз жонига қасд қилиш бошқаларнинг диққатини жалб қилишнинг энг самарали усули, деган ёлғон тасаввур пайдо қилади.
Жамиятда ўз жонига қасд қилишга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда оммавий ахборот воситалари ўта эҳтиёткор муносабатда бўлишлари лозим. Яна ”қош қўяман деб, кўз чиқармаслик лозим”.
Бу фикрларга сиз нима дейсиз? Муносабат билдиринг.
Муҳаммадамин Каримжонов, 
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси

 

ЎзА