Тошкентда «Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни» мавзуида илмий анжуман ўтказилди. Унда таниқли олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чет эллик меҳмонлар, шоир-ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев очиб берди.
Шароф Рашидов салкам чорак аср Ўзбекистонга раҳбарлик қилди. Унинг cаъй-ҳаракатлари билан юртимиз иқтисодиёт, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида ютуқларни қўлга киритди. Минглаб гектар чўл ва қўриқ ерлар ўзлаштирилди. Янги шаҳар ва қишлоқлар,боғу роғлар, завод ва фабрикалар барпо этилди. Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда метрополитен қурилди.
Шароф Рашидов, шунингдек, ўзбек адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган забардаст ёзувчи ва шоир эди. Хусусан, ижодкорнинг юртга муҳаббат, дўстлик ва садоқат каби инсоний фазилатлар юксак бадиий маҳорат билан ифодаланган “Кашмир қўшиғи”, “Икки дил достони” асарлари жаҳоннинг 56 тилига таржима қилинган.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари О.Салимов, И.Искандаров, Б.Назаров, А.Асқаров, таниқли олим И.Кузьмин, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, тарих фанлари доктори Қ.Ражабов, Шароф Рашидов ҳақидаги қатор китоблар муаллифи, ёзувчи Ф.Раззоқов ва бошқалар шулар ҳақида сўзлаб, халқимизнинг содиқ фарзанди ҳақидаги хотиралар билан ўртоқлашди.
Шу кунларда таълим муассасалари, маҳаллаларда, давлат ва жамоат ташкилотларида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари бўлиб ўтмоқда. Жиззах шаҳрида унинг ҳайкали очилди. «Халқимизнинг оташқалб фарзанди» номли китоб, танланган асарлари тўплами нашр этилди, ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган шу каби эзгу ишлар халқимизнинг атоқли фарзанди хотирасига кўрсатилган эҳтиромнинг олий даражаси эканлиги анжуманда алоҳида таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев иштирок этди.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА