Аввал хабар берилганидек, мамлакатимизда Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Бош котиб К.Микурия Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитасида ташкил этилган видеоконференцияда иштирок этди.
Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази ва Божхона институти шахсий таркиби ҳам мазкур тадбирда масофадан туриб қатнашди.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2021 йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳалар қатори божхона соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2018 йилда божхона органлари фаолиятини тубдан ислоҳ этиш, тадбиркорлик ва туризмни жадал ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, 2018 йил 1 январдан республикамизнинг халқаро аэропортларида икки йўлакли (“қизил” ва “яшил”) тизим ишга туширилди. Юкларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда 4 йўлакли (“қизил”, “сариқ”, “яшил” ва “кўк” йўлаклари) автоматлаштирилган Хавфни бошқариш тизими 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб тўлақонли равишда амалиётга татбиқ қилинди.
Бу ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермоқда. Масалан, экспорт божхона юк декларацияларини расмийлаштириш илгари ўртача 2 соат 49 минутни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 4,3 мартага қисқарди. Импорт божхона юк декларациялари эса топширилган вақтидан бошлаб, илгари ўртача 43 соатда расмийлаштирилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 2 баробарга қисқарди.
Тадбирда сўз олган Бош котиб Жаҳон божхона ташкилоти ва Ўзбекистоннинг кўп йиллик ҳамкорлигига асосий эътиборни қаратди. Ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистоннинг божхона қонунчилигини умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан уйғунлаштириш борасида жадал ривожланаётганини таъкидлади. Норасмий равишда “Жаҳон божхона тажрибаси маркази” дея номланадиган Жаҳон божхона ташкилотида бу борада бой илғор тажриба жамланган.
Бугунги кунда давлат божхона хизмати органлари томонидан ишлаб чиқилаётган янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси ҳам божхона процедураларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш бўйича Киото конвенциясига қўшилиш сари дадил қадамдир.
Бош котиб Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга қаратилган аниқ мақсадли ислоҳотларни, бу борадаги очиқ ташқи сиёсатини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Мамлакатнинг иқтисодий, маданий ва тарихий жиҳатдан минтақада стратегик ўринга эгалигини ҳисобга олиб, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида Жаҳон божхона ташкилоти ҳам ўз ҳиссасини қўшишини маълум қилди.
Тадбирда давлат божхона қўмитасининг фаол ходимларига Жаҳон божхона ташкилоти сертификатлари топширилди.
Шундан сўнг, мартабали меҳмон қўмитанинг Божхона экспертизаси ва ТИФ товарлар номенклатурасини юритиш бошқармаси қошидаги лаборатория ҳамда “Божхона тарихи” музейи фаолияти билан яқиндан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида Бош котиб К.Микуриянинг Зангиота туманидаги “High Way Logistics Centre” замонавий транспорт логистика маркази ва пойтахтимиздаги Божхона институтига ташрифи кутилмоқда.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА