Мамлакатимизда миллий адабиётимизга кўрсатилаётган чексиз эътибор сўз санъати фидойиларининг бетакрор меросини пухта ўрганиш, китобхонлар сафини янада кенгайтириш, ёшларнинг яхши китобга бўлган меҳрини тобора кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
1 март – Ўзбекистон халқ шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова таваллуди куни муносабати билан ташкил этилган маърифий тадбирда бу жиҳатлар яна бир карра намоён бўлди. Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, хотин-қизлар қўмиталари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиёт мухлислари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, шоиралар Зулфия Мўминова, Фароғат Худойқулова, Зулфиянинг набираси Лола Муҳиддинова ва бошқалар мамлакатимизда адабиёт равнақи йўлидаги чексиз эътибор ва ғамхўрлик ижод аҳлини янада самарали меҳнат қилишга чорлаётганини таъкидлади.
Ёзувчилар уюшмаси учун миллий ва замонавий меъморий услублар уйғунлигидаги муҳташам бино қуриб берилгани, эҳтиёжманд ижодкорлар учун пойтахт марказида кўп қаватли турар жойлар, хушҳаво гўшаларда дам олиш масканлари бунёд этилаётгани, вақтли адабий нашрлар, нашриёт-матбаа корхоналари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар адабиёт аҳлига кўрсатилаётган амалий ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Адиблар хиёбони бунёд этилиб, ушбу файзли масканда сўз санъати фидойилари хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилгани ёшларнинг миллий адабиётимизга бўлган меҳри ва иштиёқини тобора оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
…Аллақачон адабиёт мухлислари талпинадиган жойга айланиб улгурган файзли Адиблар хиёбони янада ўзгача шукуҳ ва тароват касб этган. Баҳорнинг илк кунида шоира Зулфия ҳайкали атрофи нафис шеърият мухлислари билан гавжум бўлди.
Севимли шоирамиз бетакрор истеъдоди, Ватанга ва инсонга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб фазилатларни юксак тараннум этган мукаммал бадиий асарлари, ибратли ҳаёт йўли, ижтимоий фаолияти билан миллий маданиятимиз, адабиётимизга катта ҳисса қўшган ижодкор сифатида халқимиз қалбидан ўрин олган. Зулфияхонимнинг нафис шеърияти она Ватанга, борлиқ ва табиатга, инсонга чексиз меҳр, самимият, баҳорий ҳароратга лиммо-лимлиги билан қадрлидир. Шоиранинг оташин мисралари наинки юртимизда, балки хорижда ҳам маълум ва машҳурдир.
Юртимизда истеъдод соҳибаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти фаол, изланувчан, истеъдодли қизларнинг орзуларига қанот бағишламоқда. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони асосида ушбу мукофотнинг нуфузини янада орттиришга оид янгиликлар жорий этилди. Эндиликда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан номзодга берилиши йўлга қўйилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида “Зулфияхоним қизлари“ клубининг ташкил этилгани истеъдодли қизларнинг ўзаро фикр алмашиши, устозлар маҳоратидан баҳраманд бўлиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
– Юртимизнинг ҳар бир қизи Зулфиядек ватанпарвар, мустаҳкам иродали, теран маънавиятли шахс бўлишни орзу қилади, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Нодира Ғозиева. – Бундай юксак мукофотга муносиблик масъулияти доим изланишда бўлишга, фидойиликка, жамият олдидаги ижтимоий бурчимизни теран англашга чорлайди.
Тадбирда ардоқли шоира шеърларидан намуналар ўқилди. Унинг сўзлари билан куйланувчи қўшиқлар ижро этилди. Зулфияхоним ҳайкали пойи гулларга бурканди.
* * *
Шу куни Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Қаҳрамони, моҳир мунаққид, адабиётшунос олим, устоз адиб Озод Шарафиддинов таваллуд куни муносабати билан ҳам тадбир бўлиб ўтди.
Унда миллий адабиётимиз фидойисининг меҳнатлари, ижод йўли, асарларининг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Сўлим хиёбондаги устоз адиб ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Назокат Усмонова, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА