Аввал хабар берилганидек, бугун, 27 февраль куни Вьетнам пойтахти Ханой шаҳрида Америка – Шимолий Корея саммити бошланди.
Куннинг иккинчи ярмида АҚШ Президенти Дональд Трамп ва КХДР раҳбари Ким Чен Ин ўртасида юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди. Ҳозирча расмий манбаларда учрашувнинг тўлиқ тафсилотлари эълон қилинмаган. Аммо, саммитни кузатаётган хорижий оммавий ахборот воситаларининг қайд этишича, Трамп “тет-а-тет” шаклидаги учрашув “яхши мулоқот” руҳида ўтганини маълум қилган.
“Бизнинг муносабатларимиз ўзига хос”, деган АҚШ етакчиси журналистларга. Трампнинг қўшимча қилишича, саммитнинг эртанги куни жуда тиғиз ўтади ва кўплаб масалалар ҳал этилади.
РИА Новостининг ёзишича, Трамп КХДРга ядровий қуролсизланиш бўйича қўйилган шарт ўз кучида қолишини ҳам айтиб ўтган.
ЎзА