Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Сирдарё туманидаги “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
“Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган мазкур корхонада фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар ишлаб чиқарилади. Ўтган йил июнь ойида фаолият бошлаган корхонада қиймати 50,16 миллион АҚШ долларилик лойиҳа амалга оширилди ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мамлакатимиз фармацевтика саноатига шу пайтгача ҳар йили 4 миллион долларлик шиша флаконлар импорт қилинар эди. Ушбу корхона ишга тушгач нафақат вилоятдаги, балки юртимиздаги барча фармацевтика корхоналарига шиша идишлар етказиб бериш имконияти юзага келди.
Корхонага Германия, Чехия ва Францияда ишлаб чиқарилган энг замонавий технологиялар ўрнатилган. Улар асосида маҳаллий хомашёдан 100 дан ортиқ турдаги шиша идишлар тайёрланмоқда.
Жорий йилда тўла қувват билан ишлай бошлайдиган корхонада йилига 102 миллион дона шиша идиш ишлаб чиқарилади, 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш кутилмоқда. Корхонада 450 киши иш билан таъминланган.
Президентимиз шиша идишлар ишлаб чиқариш технологик жараёнини, тайёрланаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Шу ерда “Сирдарё универсал ойна” корхонаси томонидан кластер усулида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Корхона ёнида “Сирдарё гласс” МЧЖ томонидан янги технология асосида бир вақтнинг ўзида фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун уч хил рангли шиша идишлар тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг йиллик қуввати 136,1 миллион дона маҳсулот бўлиб, бу 11,3 миллион долларлик импорт ўрнини қоплаш имконини беради.
Келаси йил ишга тушириладиган корхонада 500 иш ўрни яратилади, йилига 3,7 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади.
“Сирдарё шиша” МЧЖ томонидан шиша идишлар учун кварц қумини қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. Йилига 438 минг тонна қум қайта ишланадиган корхона учун “Асака банк”дан 5 миллион долларлик кредит ажратилади, 5,1 миллион доллар корхонанинг ўз маблағидир.
“Сирдарё универсал ойна” ва “Сирдарё гласс” корхоналарида ишлатиб бўлинган иссиқлик энергиясидан фойдаланиб, сабзавотларни Европа типидаги иссиқхонада етиштириш режалаштирилмоқда. Унга кўра, “Сирдарё универсал ойна” корхонаси ёнида 10 гектарлик иссиқхона барпо этилади. Лойиҳа беш босқичдан иборат бўлиб, иссиқхоналарни бошқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилган тизими, сувни қайта циркуляция қилиш ва ёмғир сувларидан фойдаланиш, сифат назорати, ишлаб чиқариш, ресурслар билан таъминлашнинг европача тизимини қамраб олади.
Ушбу иссиқхонада йилига 2,5 минг тонна маҳсулот етиштириш, 6 миллион доллар атрофида соф даромад олиш ҳамда 5 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.
“Сирдарё фиш техноложи” масъулияти чекланган жамияти томонидан ёпиқ сув айланма тизими орқали балиқ етиштириш ва қайта ишлаш режалаштирилган. 2020 йилда ишга тушириладиган лойиҳа самарасида йилига 2 минг 750 тоннадан зиёд балиқ етиштирилади, ташқи бозорга 3 миллион доллар, ички бозорга 2 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилади.
“Сирдарё гласс” корхонаси томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ҳамда консервалаш йўлга қўйилади. Ушбу лойиҳа орқали йилига 3 минг тонна маҳсулот қайта ишланади, 140 иш ўрни яратилади. Бу вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш имконини беради.
Шу ернинг ўзида вилоятда инвестиция маблағлари асосида фармацевтика, тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, Фарҳод ГЭСини модернизация қилиш, Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қуриш лойиҳалари, “Сирдарё голден фрутс” МЧЖ томонидан туманда ташкил этилган кўп тармоқли логистика маркази тақдимотлари ўтказилди.
ЎзА