Покистон элчиси билан учрашув

4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Покистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ирфон Юсуф Шами билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарида қайд этилишича, учрашув доирасида 2019 йилда икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ҳамда ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилган қўшма тадбирларнинг жадвали муҳокама қилинган.
Таъкидланганидек, 2017-2018 йилларда бир неча бор ўтказилган олий даражадаги Ўзбекистон – Покистон учрашувлари икки мамлакат муносабатларининг мустаҳкамланишига, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестицион, туристик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик фаолиятини ривожланишига туртки бўлиб хизмат қилмоқда.
Қайд этилишича, 2018 йил икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2017 йилга нисбатан икки ярим баробарга ошиб, 94,2 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Учрашув доирасида, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.​​

 

ЎзА