Инновацион ривожланиш вазирлигида Корея (Корё) Университети делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Профессор До Сеоном бошчилигидаги делегация аъзоларини вазирнинг биринчи ўринбосари Ш. Ражаббоев қабул қилди. Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, учрашув давомида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудида олиб борилаётган лойиҳаларнинг самарадорлиги борасида фикр алмашилган.
Хусусан, Профессор До Сеоном қуёш энергетикаси технологияларини қўллаган ҳолда Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудларини тиклашга қаратилган “ASSURE” лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, айни кунларда жаҳондаги глобал муаммолар билан шуғулланадиган Корея (Корё)Университетининг GREEN SCHOOL докторантлари, етакчи олимлар мазкур лойиҳа устида иш олиб боришмоқда.
Музокаралар натижасида томонлар янги лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида GREEN SCHOOL ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида меморандум имзолаш ва уни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тузишга келишишди.
ЎзА