Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти Туркиянинг Истанбул шаҳридаги йирик EMITT-2019 Шарқий-Ўрта ер денгизи, саёҳат ва туризм халқаро кўргазмасида намойиш этилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, мазкур тадбир дунёнинг энг яхши сайёҳлик кўргазмаларининг бешталигига киради ва ҳар йили соҳадаги 50 мингдан ортиқ профессионалларни жалб этади.
“Tuyap Fair Convention and Congress Center” Истанбул кўргазмалар залининг павильонида намойиш этилган миллий стенд Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳамда мамлакат сайёҳлик ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида туризм – ҳар битта давлатнинг иқтисодиётда етакчи йўналиш эканлиги таъкидланди. Мазкур нуфузли ярмарка янги ҳамкорлар билан учрашиб, туризм соҳасидаги сўнгги янгиликлар ва тенденциялар ҳақида кўпроқ билиш, бозор йўналишларини ўрганиш имконини бериши қайд этилди.
Тадбир доирасида ташкилотчилар билан EMITT ФОРУМ ташкил этилиб, унда туризм саноатининг дунёвий ва минтақавий масалалари муҳокама этилди.
Кўргазманинг тўрт кунлик дастури доирасида тадбир иштирокчилари ўртасида панель сессиялар ва Б2Б ишчи учрашувларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Даврон Суннатов, ЎзА