Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Беҳзод Ҳамроев Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 16 фоизда ўзгаришсиз қолганини изоҳлади.
Бунга сабаб инфляциянинг прогнозга нисбатан паст бўлгани, яъни мева-сабзавотларнинг нархи ўтган йилга нисбатан ошмаган.
Шунингдек, иқтисодиётда долларизация пасайиб, сўмга ишонч ортмоқда. Бу фикр банклардаги хорижий валютадаги депозитларнинг омонатлардаги улуши ўтган йилга нисбатан 6 фоизга пасайиб, 30 фоизни ташкил этганида ўз исботини топмоқда.
Хусусан, январь ойининг 30 кунида банкларга 770 миллиард сўм депозитлар қўйилган бўлиб, агарда инфляция хуружи бўлса, одамлар пул жамғармаган, балки ундан харид мақсадида фойдаланган бўларди.
Инфляция суръатининг пасайишда давом этаётгани, иқтисодий фаоллик ортиб бораётгани албатта қувонарли. Чунки ўтган йили инфляция даражаси 16-17 фоиз дея прогноз қилинган эди. 2018 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 14,3 фоизни ташкил этди.
Жорий йилнинг ўтган бир ойида эса банкнинг жойлардаги ўрганишлари натижаси инфляция даражасини 1,4 фоизга тенг эканини кўрсатмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 2,7 фоизни ташкил этган.
Қайд этиш жоизки, инфляциянинг энг юқори бўлган даври кўп ҳолларда йилнинг биринчи чорагига тўғри келади. Айни вақтда эса барқарорлик кузатилмоқда.
Кўпчилик 100 минг сўмлик купюранинг чиқиши инфляцияни кучайтириши мумкин, деган фикрда бўлиши мумкин.
Бироқ, Марказий банк ўтказган брифингда дизайни яқин кунларда тасдиқланиши кутилаётган янги пул бирлиги инфляция ортишига эмас, аксинча, унинг пасайишига ижобий таъсир кўрсатиши қайд этилди.
Йирик бўлган бу пул жамғариб боришга қулайлиги билан бир вақтда одамларни доллар йиғишга бўлган қизиқишини пасайтириши тахмин қилинмоқда.
Сайёра Шоева, ЎзА