ШҲТ Бишкек саммитига тайёргарлик кўрмоқда

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов Қирғизистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Канайим Бактигулова билан учрашди.
ШҲТ матбуот хизмати хабарида келтирилишича, унда Владимир Норов Қирғизистон Республикаси бошчилигида амалга ошириладиган тадбирлар, хусусан, ШҲТнинг Бишкек саммитини муваффақиятли ўтказиш ташкилотнинг ҳозирги кундаги долзарб масалаларидан бири эканини таъкидлаган.
– Котибият саммит доирасидаги барча лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишда Қирғизистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр, – дейди Владимир Норов Канайим Бактигуловага шартнома лойиҳаларининг янги рўйхатини тақдим этиш жараёнида.
Бундан ташқари, Бош котиб ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, котибият фаолиятини таҳлилий кўриб чиқиш ва саммитни ўтказиш жараёнларида маслаҳат кенгашини тузиш юзасидан маълумотлар берди.
Элчи Канайим Бактигулова Владимир Норовнинг Бишкек саммитини муваффақиятли ўтказиш, ҳужжатларни мувофиқлаштириш ва тарғибот ишларидаги фаолиятини алоҳида эътироф этиб, унга миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, элчи саммитни ўтказишда Қирғизистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган тайёргарлик ишлари юзасидан маълумотлар бериб ўтди.
Самимий ва дўстона муҳитда ўтган учрашувда кун тартибидаги қатор масалалар муҳокама қилинди.

 

З.Мирзабоева, ЎзА