Тошкентда 2017 йил 31 октябрь куни “Ўзбекистон-Қозоғистон: дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилаётган халқаро анжуманда вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, икки мамлакат нуфузли таҳлилий марказлари раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилган.
Мамлакатларимиз ўртасида яхши қўшничилик муносабатлари тобора мустаҳкамланмоқда. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2017 йил 16-17 сентябрь кунлари мамлакатимизга ташрифи доирасида икки мамлакат Президентларининг Қўшма баёноти қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжатда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини кенг нишонлаш кўзда тутилганди.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг юбилей йили том маънода тарихий бўлди ва икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди. Юксак ва юқори даражалардаги ўзаро ташрифлар динамикаси ўсганлиги, кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг фаоллашгани ҳам шундан далолат беради.
Жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари бир неча бор учрашиб, ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни янада ривожлантириш борасида келишиб олдилар. Бу узоқ муддатли стратегик манфаатлар, икки давлат олдида турган вазифаларни ҳамкорликда ҳал этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар якдиллигининг ёрқин тасдиғи бўлди.
Анжуманнинг шўъба йиғилишларида сиёсат, иқтисод, транспорт соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболлари, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларнинг давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашдаги роли каби масалалар очиқ ва конструктив руҳда муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.