Ўзбекистон ва Озарбайжонда истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоя қилинади​

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Озарбайжон мустақил истеъмолчилар иттифоқи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, икки мамлакат истеъмолчиларининг ҳуқуқлари муҳофазаси истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ҳар иккала ташкилот ҳамкорлиги доирасида амалга оширилади. 
Эндиликда Ўзбекистон ҳудудида бўлган Озарбайжон Республикаси фуқаролари таклиф, шикоят ва ариза билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 “ишонч телефони”га ёки www.istemol.uz электрон манзилига мурожаат қилишлари мумкин.
Худди шу каби, Озарбайжон Республикасида ишлаётган, таълим олаётган ёки бу мамлакатга сайёҳ сифатида борган юртдошларимиз истеъмолчи сифатида – у савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида бўлишидан қатъи назар, ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда Озарбайжон мустақил истеъмолчилар иттифоқининг (994 12) 441-28-33; 449-89-95 “ишонч телефони”га ёки eyub@consumer.baku.az электрон манзилига мурожаат қилишлари мумкин.
Бундай амалиёт муқаддам қонунчилик даражасида кўриб чиқиш имконияти бўлмаган, асосан икки мамлакат сайёҳларига кўп миқдорда зарар етказиши, шунингдек, мамлакатнинг туризм салоҳияти ва нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муаммоларга ўз вақтида ечим топишга ёрдам беради.

 

ЎзА