Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ҳамкорлигида немис мусиқаси кечаси бўлиб ўтди.

Немис мусиқасининг илдизлари узоқ асрларга туташ. Инсоний туйғуларни теран ва чуқур фалсафий тарзда ифодалашда, мусиқанинг илоҳий, сеҳрли таъсир кучи, қувватини тингловчига етказишда Бах, Бетховен, Брамс, Вагнер, Вебер сингари кўплаб композиторларнинг ижоди муҳим ўрин эгаллайди. Моцарт, Лист каби ижодкор мусиқачилар ҳам немис мумтоз мусиқа санъати равнақига муносиб ҳисса қўшган.

Бугунги кунда Германияда классик мусиқа санъатига оид кўплаб нуфузли халқаро фестиваллар, кўрик-танловлар ўтказилади. Уларда ўзбекистонлик ёшлар ҳам фаол иштирок этиб, совринли ўринларга муносиб бўлаётгани диққатга сазовор. Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчилари ҳам бу борада салмоқли ютуқларга эришмоқда.
Мусиқа оқшомида лицей ўқувчилари томонидан немис композиторларининг энг сара асарларидан намуналар ижро этилди.

 

Н.Усмонова, ЎзА