Ўзбекистон ва Корея ихтирочи аёллар учрашуви

Юртимизда Корея ихтирочи аёллар ассоциацияси (KWIA) вакилларидан иборат делегация меҳмон бўлиб турибди. Тошкентдаги Турин политехника университетида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ихтирочи аёллар маркази томонидан “Ихтирочи аёллар – фан, инновация, инвестиция” мавзусидаги давра суҳбатида кореялик аёллар иштирокида инновацион изланишлар истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. 

Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллар маркази томонидан фан ва техника тараққиётининг барча йўналишлари бўйича хотин-қизларнинг илмий-амалий изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, интеллектуал мулк эгаларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда келгусида ҳаётга тадбиқ этиш масалаларида халқаро алоқаларни кенгайтириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Мунтазамлик касб этаётган инновацион ҳафталиклар, кўргазмалар юртимизда ихтирочи, ўз ишига масъулият билан ёндашувчи хотин-қизлар сафи кенг эканини намойиш этмоқда.

1993 йилда ташкил этилган Корея ихтирочи аёллар ассоциацияси иқтисодиётда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш учун турли лойиҳаларни амалга ошириб, уларнинг ижодий фаолият билан шуғулланишига кўмаклашмоқда. Ҳозирда KWIA барқарор ривожланиш ва инсон тараққиётида аёлларнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорлар сифатида асосий ролини қўллаб-қувватловчи, ихтиро ва тадбиркорлик фаолиятининг турли соҳаларида хотин-қизларнинг самарали ишлашига ёрдам берадиган етакчи ташкилот сифатида тан олинган.

Ҳар йили KWIA томонидан Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг шафелигида Корея ихтирочи аёлларнинг халқаро кўргазмаси ва форуми ўтказиб келинмоқда. Эътиборга молик жиҳати, ўтган йили мазкур халқаро миқёсдаги тадбирларда юртимизнинг олима аёллари ҳам муваффақиятли иштирок этган эди. Унда юртимиз олима аёлларининг энг яхши инновацион ишланмалари танлов комиссияси хулосалари асосида махсус медаль, диплом ва совғалар билан тақдирланганди.

– Бугун Ўзбекистон инновацион технологиялар, янгиликларни жорий этишга астойдил интилмоқда, – дейди Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти президенти Юн Мунг Хи. – Хотин-қизларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни эъзозлаш муштарак мақсадимиз. Биз келгусида Ўзбекистон ихтирочи аёллари билан ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашни кўзлаяпмиз.

Тадбир иштирокчилари юртимиз ихтирочи аёллари фаолиятига бағишланган кўргазма билан танишди.

8.jpg

18.jpg
28.jpg

 

Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА