Иссиқхонада томчилатиб суғориш тизими жорий этилади

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида умумий қиймати қарийб 500 минг доллар бўлган бир гектарлик иссиқхона ташкил қилинди.
 
1.JPG
“Mangit invest plus” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасининг бир тармоғи сифатида иш бошлаётган иссиқхонада томчилатиб суғориш тизими жорий этилади.
Корхона амалда нон ва нон маҳсулотлари, қандолат ишлаб чиқариш, чакана савдо, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлаш, импорт ва экспорт фаолияти билан шуғулланади. Янги қурилган иссиқхонада эса асосан помидор етиштирилиб, уни экспортга йўналтириш мўлжалланган.
2.JPG
– Ҳозир ерни тайёрлаяпмиз, кейин томчилатиб суғориш асбоб-ускуналарини ўрнатиш бошланади, – дейди корхона раҳбари Жалғасбай Баймуратов. – Бу лойиҳани амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банкидан 477 минг доллар кредит олдик. Ўз маблағимиздан эса 100 миллион сўм қўшилди. Тажрибамдан маълум, тадбиркорликни ривожлантириш учун доимий изланишда бўлиш керак. Ўз йўналишингиздаги жаҳон тажрибаларини ҳам кузатиб бориш, хорижий давлатлардан ҳамкорлар топиш лозим. Бу ўринда интернетнинг аҳамияти катта. Замонавий иссиқхонани ташкил этишимизда ҳам глобал тармоқнинг имкониятларидан фойдаландик. Туманимизда интернет тезлигининг пастлиги, баъзи оммабоп ижтимоий тармоқларнинг ишламаётгани қайсидир маънода биз каби тадбиркорлар фаолиятига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.
11.JPG
Иссиқхона Хитой технологияси бўйича ишлайди, кўп агротадбирлар автоматлаштирилган усулда амалга оширилади. Бу доимий иш ўрни билан таъминланган 6 нафар ишчига қатор қулайликлар яратади.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА