Тошкент Фотосуратлар уйида пойтахтимизда фаолият бошлаган Беруний халқаро мактаби ўқувчиларининг “Инсон ҳаётида илм-фаннинг ўрни” мавзусидаги ижодий ишлари танлов-кўргазмаси бошланди. Унда 120 га яқин ижодий ишлар намойиш этилмоқда.

Мактабда инглиз тилида ривожланган мамлакатлар тажрибаси ва лойиҳалари асосида таълим берилиб, дарслар миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз уйғунлигида олиб борилади. Болаларнинг жисмоний, ақлий, ижтимоий, ахлоқий, ҳиссий, интеллектуал ва руҳий ривожланиши учун барча шароит мавжуд.

– Инновацион технологиялар таълим соҳасини ривожлантиришда муҳим воситадир, – деди Беруний халқаро мактаби ўқитувчиси Алтундаль Катерина. – Ҳар бир бола дунёни ўзгартиришга қодир эканини ўйлаши, шунга ишониши керак. Мақсадимиз ана шундай қатъиятли, зукко ёшларни тарбиялаш.

Танлов-кўргазма 11 январгача давом этади.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА