МТМ учун ўқув жиҳозлари бепул

Мамлакатимиздаги барча мактабгача таълим муассасаларига болалар онгини ривожлантирувчи босма материаллар эндиликда бепул тақдим этилади. Ўқув-услубий тўплам таркибига ҳуснихат дафтарлари, мавзуга оид режалаштириш бўйича журналлар, болаларнинг турли ёшдаги гуруҳлари учун карточкалар ва плакатлар киради.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, пойтахтимиз ва бошқа ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасаларини ўзбек ва рус тилларидаги бепул босма материаллар билан таъминлаш бўйича кенг кўламли дастур бошланди.

Лойиҳага жалб этилган инвестициялар миқдори 8 миллиард сўмни ташкил этади. Жорий йилнинг биргина январь ойи якунига қадар мактабгача таълим муассасаларига 270 минг ҳуснихат дафтар, 18 минг карточка тўплами, 10 минг плакат етказиб берилади. Тарбиячиларга болалар билан машғулотларни ташкил этиши учун мавзуга оид режалаштириш бўйича журналлар ҳам тақдим этилади.

Ишлаб чиқарилган босма ўқув қуроллари юртимизнинг барча мактабгача таълим муассасаларига етказиб берилади. Карточкалар турли мавзулардаги 27 кичик тўпламдан иборат. Шунингдек, плакатлар чолғу асбоблари, йўл ҳаракати қоидалари, касблар, йил фасллари ва бошқа кўплаб мавзуларга оиддир. Республиканинг ҳар бир мактабгача таълим муассасаси бола сони ва сиғимига қараб таъминланади. Бу эса гуруҳлар ўртасида кичик тўпламларнинг вақти-вақти билан алмашиниши шарти асосида болаларни ривожлантирувчи босма ўқув анжомлари билан доимий таъминлашни талаб этади. Мактабгача таълим муассасасининг ҳар бир 6 ёшли тарбияланувчиси ҳуснихатга эга бўлади.

Шуниси аҳамиятлики, барча ўқув жиҳозларининг бепул берилаётганини ота-оналар ҳам билиши лозим. Бу каби саъй-ҳаракатлар фарзандларимизнинг баркамол бўлиб улғайиши учун сармоя бўлса, бир томондан ота-оналарга енгиллик ҳам беради.

Биринчи навбатда, қишлоқ ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларини босма материаллар билан таъминлаш белгиланган.

Ҳар бир мактабгача таълим муассасаси ривожлантирувчи тўпламларни олиш жараёни ва тасдиғини Мактабгача таълим вазирлигининг www.mdo.uz расмий сайти орқали назорат қилиб бориши мумкин.

 

Б.Мелиқулова, ЎзА