Хостелларнинг меҳмонхона хизматини мажбурий сертификациялаш талаби бекор қилинади

Ўзбекистон республикаси президентининг “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Қонунчиликка биноан меҳмонхона хизматлари яшаш жойи (прописка), фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозимлиги белгилаб қўйилди. 
Шунингдек, хостелларни Меҳмон уйлари ва хостеллар реестрига ўрнатилган тартибда киритиш талабини белгилаган ҳолда хостелларнинг меҳмонхона хизматини мажбурий сертификациялаш талаби бекор қилинади.
Эндиликда, ҳудудида туризм инфратузилмаси объектлари, шу жумладан жойлаштириш воситалари жойлашган ёки барпо этиладиган моддий маданий мерос объектлари ўттиз йилга, бироқ ўн йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилади. Бунда ижарачилар беш йиллик ижара ҳақига тенг миқдорни ўзлари жойлашган моддий маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилишга йўналтириш ҳамда моддий маданий мерос объектларини сақлаш қоидаларига риоя қилиш шарти билан дастлабки беш йил учун ижара ҳақи тўлашдан озод этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кичик тадбиркорлик субъектларига туризм инфратузилмаси объектлари, меҳмонхоналар ва санитар-гигиеник шохобчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим қилади.

 

ЎзА