Қайси мамлакатлар фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кела олади?

Ўзбекистон салмоқли туристик-рекреацион салоҳиятга эга. Юртимизда 7, 4 минг маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 209 таси , шу жумладан 4 та шаҳар музейлар ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 2010-2017йиллар мобайнида туристик хизматлар экспорти икки баробарга ортиб, 2017 йилда 546,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 1 041 млн долларга етди. Шу йили республикага 5,3 миллион хорижий сайёҳлар ташриф буюрган.
2018 йилда Ўзбекистонга келувчи чет элликлар сонининг ортишига виза режимининг соддалашуви катта аҳамият касб этди. Эндиликда бу имкониятлар сони янада ортди.
Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш концепцияси ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра туризм соҳаси ривожининг асосий босқичлари белгиланган. Ҳужжатга биноан 2019-2020 йилларда туризм ривожини асосларини белгилаб берувчи қонунчилик базаси такомиллаштирилади, инфратузилма модернизация қилинади ва Ўзбекистон туристик бренди кенг тарғиб этилади.
2021-2025 йилларда мамлакат иқтисодиётида туризм саноати ҳиссаси оширилади. Бу йўналишда ЯИМда тармоқ ҳиссасини 5 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. (2017 йилда бу кўрсаткич 2,3 %ни ташкил этган). Шунингдек, республиканинг туристик имкониятларини ошириш ва жаҳон бозоридаги тақдимотларини кўпайтириш эвазига 2025 йил якунида 9 миллиондан ортиқ сайёҳни Ўзбекистонга жалб қилиш назарда тутилмоқда. Узоқ муддатли режаларда эса, туристик хизматлар борасида Ўзбекистоннинг нафақат миллий натижалар билан чекланиши, балки минтақавий ва дунёвий миқёсда рақобатбардош бозор иштирокчиси сифатида намоён бўлиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳужжатда 2019 йил 1 февралдан электрон кириш визасини олувчи мамлакатлар рўйхати кенгайтирилади. Асосийси, 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинган бўлиб, булар, Австралия, Австрия, Аргентина, Босния ва Герцеговина, Ватикан, Люксембург, Венгрия, Бруней-Доруссалом, Греция, Ирландия, Исландия, Италия, Канада, Андорра, Лихтенштейн,Монако, Бельгия,Дания, Испания, Нидерландия, Норвегия, Швеция, Латвия,Литва,Монголия, Янги Зеландия, Португалия, Болгария, Кипр Республикаси, Мальта, Польша, Сан-Марино, Сербия,Словения, Хорватия, Чили, Руминия, Словакия, Буюк Британия, Бразилия,Финляндия,Черногория, Чехия, Швейцария,Эстония каби давлатлардир.
Шунингдек, 2019 йил 15 мартдан 30 кун давомида амал қилинувчи электрон визалар турлари тизими ҳамда алоҳида хорижий фуқаролар гуруҳларига қўшимча визалар тоифаси жорий қилинади.​

 

Н. Тошпўлатова, ЎзА