“Ўзбекистон – 2035” II халқаро форуми бўлиб ўтади

2019 йил 5-6 февраль кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган II халқаро форум ўтказилади.
Унда депутатлар, давлат органлари, илмий-таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
“Ўзбекистон – 2035” II халқаро форуми Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси концепциясини ишлаб чиқишда кейинги босқич бўлиб хизмат қилади. Форум доирасида концепция лойиҳасига доир таклифлар кенг муҳокама қилиниб, якуний ҳужжат мамлакат раҳбарияти эътиборига ҳавола этилади.
2018 йил 28-29 июнь кунлари пойтахтимизда ўтказилган халқаро форум доирасида ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича асосий ёндашувлар муҳокама қилинди. Лойиҳа устида ишлаш даврида турли вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказилди, дастлабки маълумотлар тўпланиб, улар асосида иқтисодиётнинг жорий ҳолати таҳлил қилинди. Экспертларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида Ривожланиш стратегияси концепциясининг дастлабки лойиҳаси тайёрланди. Декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари учун мазкур концепция лойиҳасининг илк тақдимоти ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган. “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти 2018 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган. Ташкилотнинг Экспертлар кенгаши 30 дан ортиқ мамлакатда муваффақиятли фаолият олиб бораётган 240 нафар ватандошимизни бирлаштирган таҳлилий органдир.
Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларга кўмаклашиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш йўлида таҳлилий ўрганишларни ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг асосий мақсади ҳисобланади.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА