Яна роппа-роса 11 кундан сўнг Бирлашган араб амирликларида Осиё Кубоги – 2019 ўйинлари бошланади. Сайтимиз орқали ушбу мусобақага доир қизиқарли маълумотларни улашишда давом этамиз.
Али Дайи ҳисобида 14та гол бор, Гейнрихда эса…
Ортда қолган Осиё кубокларининг финал босқичида тўп киритиш бобида эронлик машҳур футболчи Али Дайига етадигани йўқ. У шу кунгача “сариқ қитъа” чемпионатида рақиблари дарвозасини 14 марта ишғол этган. Бунинг учун Али Дайига 16та ўйин етарли бўлган.
Асли озарбайжон миллатига мансуб эронлик туғма тўпурар илк бора 1996 йилги Осиё кубогида кўриниш берган. У ўзининг дебьют мусобақасида 6та учрашувда майдонга тушиб, 8та голга муаллифлик қилади. БААда ўтган ўша мусобақада Дайи барча ўйинларда тўп киритиб, ўзига хос натижа қайд этган (ярим финалда пенальтилар сериясида ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўяди).
Тўпурарлар пойгасида кейинги поғонани Жанубий Корея терма жамоаси собиқ аъзоси Ли Дон Гук банд этиб турибди. Унинг ҳисобида 10та гол бор. Япониялик Наохира Такахара эса 9та гол билан кучли учликни якунлаб беради.
Ўзбекистонлик футболчилар орасида энг яхши кўрсаткич Александр Гейнрихга тегишли. У 2004, 2007 ва 2011 йилги Осиё кубокларида иштирок этган ва жами 6та голга муаллифлик қилган.
БАА даъвогарлар ичида тенгсиз, рақобатчилар орасида Ўзбекистон ҳам бўлган.
2019 йилги Осиё кубогига мезбонлик қилиш истагини учун оз эмас, кўп эмас, нақд 12та давлат билдиришган. Булар – Баҳрайн, Эрон, Саудия Арабистони, Хитой, Қувайт, Ливан, Малайзия, Тайланд, Мьянма, Уммон ва кўпчилик учун кутилмаганда Ўзбекистон ҳамда БАА.
Аммо улардан фақат бештаси, яъни Эрон, Қувайт, Саудия Арабистони, Тайланд ва БАА футбол федерациялари ОФКга ариза топширишга журъат қила олади. Ўзбекистон томони эса шунчаки қизиқиш билдириш билан чекланган холос.
2015 йилнинг январига келиб даъвогарлар сони иккитагача қисқаради. Эрон ва БАА ўртасида кечган курашда улоқни амирликлар давлати илиб кетди.
Дарвоқе, БАА бу билан иккинчи бор Осиё кубогига мезбонлик қилади. Илк бора улар 1996 йилги Осиё кубогини ўзларида қабул қилишган ва ўшанда амирликлар жамоаси финалгача етиб боришган.
Ўзбекистон учун эса ана шу мусобақа Осиё кубокларида дебьют бўлган ва ўшанда Баҳодир Иброҳимов бошчилигидаги терма жамоамиз гуруҳ босқичида бир ғалаба ва икки мағлубият қайд этган. Умид қиламизки, бош жамоамизнинг Осиё кубогига бу сафарги ташрифи омадли чиқади ва Эктор Купер шогирдлари ўз мухлисларини қувонтиради.
Отабек Эшмаматов, ЎзА