Акбар Жўраев рейтинг мусобақасида учта медалга эга чиқди

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида оғир атлетика бўйича “5th International Qatar Cup” рейтинг турнири бўлиб ўтмоқда.
Ушбу мусобақада жаҳоннинг турли мамлакатларидан 120 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда. Баҳсларда ўзбекистонлик полвонлар ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқдалар. Аввалроқ, Адҳамжон Эргашев ва Достон Ёқубов -67 кг вазн тоифасидаги баҳсларда 6 та медалга эга чиққанликлари ҳақида маълум қилгандик.
Бугун -109 кг. вазн тоифасидаги баҳсларда Акбар Жўраев супачага кўтарилди. Ҳамюртимиз даст кўтариш баҳсларида 179 кг., силтаб кўтаришда эса 213 кг. тошни ўзига бўйсундирди. Умумий ҳисобда 392 кг. натижа кўрсатган Акбар учинчи натижани қайд этди ва бронза медалига сазовор бўлди. Бундан ташқари у даст кўтаришда кумуш, силтаб кўтаришда эса бронза медалларига ҳам эга чиқди.
Эртага ўтказиладиган беллашувларда оғир вазнли спортчимиз Рустам Жангабаев баҳсларга киришади.

 

ЎзА