Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида рассом Ирина Шурнинг “Ўзбекистон – Германия” шахсий фотокўргазмаси ташкил этилди.
Ирина Шур яратган нафис асарлар бири бошқасини такрорламайди. «Ўзбекистон – Германия» деб номланган мазкур кўргазма халқлар ўртасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, дўстликка ишорадек.
Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари бундай алоқаларнинг муҳим субъектлари сифатида давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари билан алоқаларини мустаҳкамлашга сезиларли тарзда ижобий таъсир кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистонда истиқомат қилувчи немис миллатига мансуб юртдошларимизнинг “Видергебурт” маданият маркази, Самарқанд, Бухоро ва Фарғонада фаолият юритувчи немис маданият марказлари мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикаси билан маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш билан бирга, немис тили, маданияти, урф-одатларини тарғиб қилишда ҳам муҳим босқичларни амалга ошириб келмоқда.
Кўргазмага қўйилган фото-асарлар орқали Германияга рамзий маънода сафар қилиш, унинг фусункор табиати ҳамда тарихий-меъморий обидаларини томоша қилиш, сокин кўчалари бўйлаб сайр этиш, мамлакатни ривожлантиришдаги илғор ютуқларига ошно бўлиш мумкин.
Кўргазманинг очилишида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов ва бошқалар Германия – Ўзбекистон маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларининг истиқболлари ҳақида тўхталиб, мамлакатимиз раҳбарининг Германияга режалаштираётган расмий ташрифи бундай алоқалар кўламини оширишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.