Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида ўтказилган халқаро семинар шу мавзуда бўлди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз давлат органлари, ЕТТБ ва Халқаро молия корпорацияси вакиллари иштирок этди.
Унда мамлакатимизда энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш, бу жараёнда қайта тикланувчи энергия манбалари секторига хусусий инвестицияларни жалб қилишда ишлаб чиқилган ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар аҳамияти, шунингдек, қуёш ва шамол электр станцияларини ривожлантиришда халқаро инвесторларни жалб қилиш масалалари муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, давлатимиз бундай инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шундай имкониятлардан келиб чиқиб, тадбирда тўғри меъёрий-ҳуқуқий база ҳамда қуёш фотоэлектр модулларининг қийматини пасайтириш қайта тикланувчи энергияни ғоят рақобатдош соф энергия манбасига айлантириши мумкинлиги ҳақида фикр-муносабатлар билдирилди.
– Бугунги семинарда муқобил энергия манбалари ва бу жараёнда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан кўплаб давлатларга тақдим этилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик, – деди «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти илмий техника маркази катта илмий ходими Фаррух Мухторов. – Албатта, бу борада тажриба тўплаш ва биз учун ҳам мақбул бўлган лойиҳалар устида келишувларга эришиш фойдалидир. Чунки энергия манбаларидан фойдаланишда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда ишлаш нафақат амалиёт учун, балки назарий жиҳатдан мустаҳкам база яратишда катта имкониятдир.
– Янги ва қизиқарли мавзуда ўртоқлашганимиздан хурсандмиз, – деди ЕТТБнинг Россия, Кавказ ва Марказий Осиё энергетикаси ва табиий ресурслари бўйича директори Аида Ситдикова. – Айниқса, давлатингиз қуёш энергетикасини ривожлантиришга эътибор қаратаётгани аҳамиятли. Чунки серқуёш юртингизнинг бу борада имконияти жуда юқори. Кейинги 10 йил ичида банк ўз инвестицияларини, иқлимли молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш глобал тенденциясига мувофиқ, барқарор энергетика соҳасига қаратмоқда. Шу боис, у ўзининг ҳар йилги инвестицияларининг 40 фоизини яшил молиялаштиришга муваффақиятли йўналтириб келмоқда. Масалан, ЕТТБ минтақада 100 МВт қувватига эга қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича Қозоғистондаги Бурное қуёш лойиҳаси учун молиялаштиргани бунга яна бир мисолдир.