“Ёш сиёсатчи – 2017” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида Кегейли туманидан Наврўзбек Нуримбетов ғолиб бўлди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан “Мен Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман!” шиори остида ўтказилган танловда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг сиёсий ва ҳуқуқий билимини ошириш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 10 мингдан ортиқ йигит-қиз иштирок этгани ёшлар орасида танловга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади.

Иштирокчилар қонунчилик, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий соҳаларга оид билимини синовдан ўтказди, партиянинг ғоя ва дастурий мақсадларини амалга ошириш борасидаги лойиҳаларини тақдим этди.

Қанликўл туманидан Темур Муродбоев ва Элликқалъа туманидан Озода Рўзимова иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринга Мўйноқ туманидан Феруза Нурлибоева сазовор бўлди.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА