Боғинг Ватан деган ном олсин!

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида миллат адабиёти ва маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодига бағишланган “Боғинг Ватан деган ном олсин” деб номланган назм ва наво кечаси ўтказилди. 

Элимиз ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, шоирнинг оила аъзолари, эл суйган санъаткорлар ва ёш ижодкорлар иштирок этган тадбирда буюк шоиримизнинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат, садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида катта аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Эркин Воҳидов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Мустақиллик йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган бир қанча янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги публицистик мақолалари кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

У тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди. Эркин Воҳидовнинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвонлари, “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган. Улуғ шоир хотирасини абадийлаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилди. Шоир ҳайкали яратилиб, “Адиблар хиёбони”га ўрнатилди. Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Фарғонада шоир номи билан аталувчи ижод мактаби фаолияти йўлга қўйилди.

Тадбирда ёш ижодкорлар шоир шеърларидан ўқиб берди. Санъаткорлар томонидан шоир шеърлари билан айтиладиган куй-қўшиқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

2-faqat saytga.JPG

3-faqat saytga.JPG
7-faqat saytga.JPG
15-faqat saytga.JPG

 

Озода Бекмуродова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА