Ўзаро ишонч ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадамларнинг икки йили

Бундан роппа-роса икки йил муқаддам, 2016 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Тарих нуқтаи назаридан бу ғоят қисқа фурсат. Аммо, шу вақт ичида мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бердики, уларнинг эпкинлари нафақат юртдошларимиз турмушига фаровонлик олиб кирди, шу билан бирга, Марказий Осиё минтақаси сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида ҳам туб бурилиш ясади. Бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда.

Дональд ТРАМП, Америка Қўшма Штатлари Президенти:

– Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси ва унинг қўшни давлатлари суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Марказий Осиёни янада тараққий эттириш ва ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. Америка Қўшма Штатлари Шавкат Мирзиёевнинг ана шундай минтақавий ёндашувга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Владимир ПУТИН, Россия Федерацияси Президенти:

– Ўзбекистон Россиянинг ишончли иттифоқчиси, стратегик шериги. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга 2017 йилги давлат ташрифидан кейин икки томонлама муносабатларнинг барча соҳаларида катта ўзгаришлар бўлди. Бу ўринда гап, аввало, иқтисодиёт ҳақида кетмоқда. Биз Ўзбекистон қанчалик тез ва тубдан ривожланаётганини, мамлакат иқтисодиёти ва халқи учун зарур ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Александр ЛУКАШЕНКО, Беларусь Республикаси Президенти:

– Ўзбекистон билан ҳамкорликни янги босқичга чиқаришга қаратилган келишувларни қўллаб-қувватлаймиз. Ва, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Қисқа муддат ичида Ўзбекистон Президенти қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилашга эришди, халқаро майдонда ўзини муносиб тутмоқда, унинг Ғарб билан ҳам, Шарқ билан ҳам муносабатлари аъло даражада.

Эммануэль МАКРОН, Франция Республикаси Президенти:

– Кейинги пайтда Ўзбекистон – Франция муносабатларида мутлақо янгича ўсиш кузатилмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга катта қизиқиш билдираётганини юксак қадрлайман. Франция ва Ўзбекистонда ҳали фойдаланилмаган салоҳият катта. Ўзбекистон билан нафақат икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш, балки халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга бўлган долзарб мавзулар, жумладан, терроризмга қарши кураш, иқлим ўзгариши каби масалалар юзасидан муҳокамалар олиб бориш имконияти мавжуд.

Нурсултон НАЗАРБОЕВ, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Биз илдизи бир халқмиз. Бутун тарих давомида бўлганидек мустақиллик йилларида ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил март ойида Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида янги босқични бошлаб берди. Ўтган қисқа вақтда икки томонлама алоқаларда илгари кузатилмаган юқори натижаларга эришилди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга тайёр.

Сооранбай ЖЭЭНБЕКОВ, Қирғизистон Республикаси Президенти:

– Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегараларини дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик чегарасига айлантирди. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқларимиз шундай келишувларга эришилишини кутган эди.

Гурбангули БЕРДИМУҲАМЕДОВ, Туркманистон Президенти:

– Туркманистон ва Ўзбекистон тинчликсевар давлатлар, яхши қўшнилар сифатида танилган. Мамлакатларимиз халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Туркманистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга доим тайёр.

Эмомали РАҲМОН, Тожикистон Республикаси Президенти:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз тарихида янги зарҳал саҳифа очди. Бу ташриф Тожикистон – Ўзбекистон муносабатларини қайта тиклади, барча соҳадаги комплекс масалаларни изчил ривожлантиришга кучли туртки берди. Шавкат Мирзиёевнинг самарали ташқи сиёсати туфайли Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори ошиб бормоқда.

Муҳаммад Ашраф ҒАНИ, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти:

– Афғонистон барча соҳаларда Ўзбекистон билан мулоқотни кенгайтиришдан манфаатдор. Президент Шавкат Мирзиёев кўрсатаётган ташаббус туфайли давлатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқот изчил фаоллашмоқда.

Афғонистон масаласи бўйича Тошкентда йирик анжуман ўтказилгани учун халқимиз ва ҳукуматимиз номидан Ўзбекистон раҳбарияти, аҳлига чуқур миннатдорлик билдираман. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон масаласига шахсан эътибори сиёсий ечимларга йўл очди.

Антониу ГУТЕРРИШ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби:

– Бутун дунё бўйлаб умид эпкинлари кезиб юрибди. Бунга ижобий мисоллардан бири Ўзбекистондаги тинч сиёсий ҳокимият алмашинувидан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик кучайганидир. Бунга мен шахсан гувоҳ бўлдим.

Федерика МОГЕРИНИ, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили – Европа Комиссияси вице-президенти:

– Афғонистонда тинчликни таъминлаш минтақавий ҳамкорликни талаб қилади. Бу жараёнда Марказий Осиё ва унга қўшни мамлакатлар келишуви ғоят муҳим масаладир. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсат Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Ва албатта, Ўзбекистон давлат раҳбарининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини Европа Иттифоқи ҳам қўллаб-қувватлайди.

Амина МУҲАММАД хоним, БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштирокини мамнуният билан ёдга оламан. Давлат раҳбари ўз чиқишида Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани, бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўл эканини таъкидлаган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирлар юқори баҳога эга. Тошкентда ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция бу масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортгани, айниқса, диққатга сазовор.

Бандар ҲАЖАР, Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида аҳоли ҳаёт сифатини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида олиб борилган ишлар самара бермоқда. Бу натижалар мамлакатингиз билан ҳамкорликда инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишимизга янги туртки бермоқда.

Сирил МЮЛЛЕР, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти:

– Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати янада эркинлашгани, хусусан, банк-молия, солиқ тизимидаги ўзгаришлар, валюта сиёсатининг либераллаштирилгани мамлакат иқтисодий имижини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Жаҳон банки кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр.

Кэролин ЛЭММ, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси, “Дўстлик“ ордени соҳибаси:

– Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, мамлакат иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб этиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Америка – Ўзбекистон савдо палатасига аъзо компаниялар ўзбекистонлик шериклар билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича имзоланган англашув меморандумлари асосида алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлигимиз 2017 йил сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки доирасида Нью-Йорк шаҳрида ўтган учрашувимиздан сўнг янги босқичга чиқди. Жорий йил май ойида Ўзбекистон давлат раҳбарининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи чоғидаги музокаралар ҳам ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича салмоқли ҳужжатлар имзоланди.

Наталья ГЕРМАН, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол минтақавий ташқи сиёсат олиб бораётгани иқтисодий алоқаларни ривожлантириш билан бирга, тарихан дўст ва қардош халқларни янада яқинлаштирмоқда. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларидан ўтиб-қайтиш режими соддалаштирилиши, транспорт-логистика тармоғидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани, аввало, оддий одамлар манфаатига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, ушбу мамлакатдаги аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларни ҳам олқишлаш лозим.

Винод КУМАР, Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Ўзбекистон билан Ҳиндистон маданий алоқаларида яхши бир анъана шаклланган. Мамлакатларимизда байрамлар, нуфузли фестивалларда икки халқ вакиллари фаол иштирок этиб келмоқда. Жорий йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманида ҳам ҳиндистонлик санъаткорлар қатнашиб, ўзбек мақом санъатининг сеҳрли ва хуш оҳангларидан баҳраманд бўлиш баробарида, маҳаллий халқ урф-одатлари, ҳунармандлик намуналари билан яқиндан танишди. Шунингдек, ҳар йили юртингизда ўтказилаётган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, турли соҳалар бўйича муносабатларни изчил йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

Ишонч билан айтиш мумкинки, икки мамлакатнинг кўп асрлик дўстона ҳамкорликка асосланган юксак даражадаги сиёсий ва дипломатик алоқалари янада юқори босқичга кўтарилмоқда.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА