Мажбурий ижро бюросининг Нукус шаҳар бўлими ходимлари яқинда жами 3,5 млрд. сўм қарздор бўлиб қолган “Нокис темир бетон қурилис” МЧЖга тегишли кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларига нисбатан хатлов учун  қидирув ишларини амалга оширган эди.

Ўтказилган тадбирлар жараёнида ушбу жамият ҳисобига олинмасдан турган Нукус шаҳри Қорақалпоғистон кўчаси 32-сонли кўп қаватли 40 та хонадонга мўлжалланган яшаш ўйлари ва 10 та савдо ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш дўкони бор эканлиги аниқланиб, қарзни ундириш мақсадида бу кўчмас объектлар хатловга олинади.

Кўп қаватли ўйнинг хатловга олинганидан хабар топган шу кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаролар ва дўкон эгалари норозилик намойиш қилиб, юқори турувчи идораларга мурожаат қилишади ва келиб чиққан ушбу мураккаб муаммони ижобий ҳал этилишини сўрайди.

Маълум бўлишича, ушбу уй ва дўконлар қонуний сотиб олинганига қарамасдан 2014 йилдан буён эгалик ҳуқуқларини тасдиқловчи олди-сотди шартномалари расмийлаштирилмаган экан, кадастр ҳужжатлари ишланмасдан қолган, ҳаттоки қурилиш ишларини амалга оширган “Нокис темир бетон қурилис” МЧЖ ҳам бу иморатни ўз балансига олмасдан келаётган экан.

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Нукус шаҳар бўлими мазкур масалага қонуний тартибда муносабат билдиради ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 228-моддаси (Мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш (виндикация)) талабидан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон кўчаси 32-сонли кўп қаватли 40 та хонадон ва 10 та дукон биноси жамиятга ўтказилади ҳамда шу орқали кўчмас мулк эгаларига нотариал тартибда олди-сотди шартномалари расмийлаштирилади. Шу тариқа бу объектлар ижро хатловидан чиқарилади.

Шундай қилиб, уларнинг ҳар бирига кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб, 3 йил мобайнида ҳал қилинмаган муаммо Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Нукус шаҳар бўлимининг ижобий фаолияти натижасида атиги 10 кун ичида қонуний ҳал этилади ва натижада 42 фуқаронинг хусусий мулкка бўлган эгалик ҳуқуқлари тиклаб берилади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги