Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Маданият ва санъат соҳасидаги бошқарув тизимида давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатаётган бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.
2. Жамғарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси фаолиятини таъминлаш;
молиявий, ташкилий ва ижодий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданий ташкилотлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий сармоя ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш;
маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳияти ҳамда рақобатдошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш;
маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларни зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;
хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз музейлари ва бошқа маданий муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
халқаро стандартларга мувофиқ янги маданий муассасалар қуриш учун молиявий маблағ ва кўмак бериш;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни капитал ҳамда жорий таъмирлаш;
халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлари билан ҳамкорликда лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришни ташкил этишни таъминлаш;
жаҳондаги илғор тажрибаларни мамлакатимизда жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш;
аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажмини ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги бюджет ташкилотлари фондига тушумларни кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
қонунчиликда белгиланган манбалардан тушаётган маблағларни жамғаришни таъминлаш;
ажратилаётган мақсадли маблағлардан тўғри, самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан тизимли назорат ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланадиган мажбурий ажратмалардан ташқари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлардан озод қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин, унда, жумладан, Жамғарма ижрочи дирекцияси тузилмасини тасдиқлашни кўзда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, бир ой муддатда улар томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Тошкент шаҳри, 2017 йил 16 октябрь