matnazar-abdulhakim.jpgШеър кўнгил иши, ижодкорнинг уйғоқ дарди. Оддий сўзни қоғозга битиб, ундан гўзал шеър яратиш машаққатли иш. Сўз юкини, сўз масъулиятини ҳис қилиш бахти ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Севимли шоиримиз Матназар Абдулҳаким ана шундай бахтга эришган ижодкор эди.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир, моҳир таржимон, танқидчи Матназар Абдулҳаким таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Қанча севсанг, шунча яшайсан фақат” номли хотира тадбири ўтказилди. Унда ижодкорнинг адабиёт оламида қолдирган ижодий ва илмий мероси ҳақида сўз борди.

Тадбирда шоирнинг ижоди, ҳаёти ҳақида илиқ сўзлар, самимий фикр-мулоҳазалар билдирилди. Унда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, адабиётшунос Шуҳрат Ризаевлар сўзга чиқиб, шоирнинг шеърлари, таржима маҳорати, танқидчиликда тутган ўрни ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Унинг халқ дардини ҳис қилган, халқчил ва самимий ижодкор бўлгани таъкидланди.

Ёш ижодкорлар томонидан М.Абдулҳаким шеърларидан ўқилган намуналар адабий кечага ўзгача файз бахш этди. Шоирнинг ўзи ўқиган шеърларининг видеоролик шакли намойиш этилди.

 

Дилобар Маматова, ЎзА